Кўп бериладиган саволлар

  • Жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлари ва пул ўтказмалари тўғрисидаги маълумотларни бериш юзасидан тушунтириш берсангиз.
    Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддасига мувофиқ Марказий банк қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, уларнинг муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек Марказий банкка қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг асосий ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш бўйича банк операцияларини амалга ошириши мумкин. Мазкур Қонунга асосан Марказий банк жисмоний шахсларга банк хизматлари кўрсатмайди ва индивидуал жисмоний шахсларнинг банклардаги ҳисобварақлари ва пул ўтказмалари тўғрисидаги маълумотлар тижорат банклари томонидан Марказий банкка тақдим этилмайди. “Банк сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 3-моддасига асосан банк мижозларининг операциялари, ҳисобварақлари ва омонатларига доир маълумотлар банк сири ҳисобланади. Шунингдек, мазкур Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ банк сирини ташкил этувчи маълумотлар мижознинг ўзига, у ваколат берган вакилларга, шунингдек ушбу Қонунда белгиланган тартибда бошқа шахсларга тақдим этилади.
  • Қаердан ва қайси нархда юбилей кумуш тангаларни сотиб олиш мумкин?
    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки юбилей кумуш тангаларни очиқ савдога чиқарилмаслигини маълум қилади
  • Пуллар қандай ҳолларда тўловга яроқсиз ҳисобланиши тўғрисида батафсил маълумот берсангиз?
    Марказий банкнинг Адлия вазирлигида 2008 йил 27 июнда 1831-сон билан рўйхатга олинган “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома”да «сўм»нинг тўловга яроқлилик белгиларни аниқлаш қоидалари белгиланган. Хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги банкнотларни монеликсиз тўловга қабул қилишлари ва тушум пули сифатида банкларга топширишлари лозим: а) ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилишлар, сийқаланишлар, доғлар, қалам, сиёҳ ва фломастер билан ёзилган ёзувлари мавжуд бўлган пуллар; б) йиртилган ва елимланган пуллар, агар пулнинг иккала қисми шак-шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса; в) бўёқ моддалари ва кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар; г) шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллар. Шикастланиш туридан қатьи назар (шакли бузилган, пачоқланган, сийқаланган, тешилган, қирқилган, синдирилган, ишқорга солинган, бирор бир металл билан пайвандланган, оловда эритилган, кўкариб ва қорайиб кетган) ўзининг тўла ҳажмини ва олд тарафидаги қиймати тасвирини сақлаб қолган ҳамда ҳақиқийлигига шубҳа туғдирмайдиган металл тангалар тўловга яроқли ҳисобланади. Шикастланган пуллар “эскирган” пуллар тоифасига киритилиб банклар томонидан улар шу қийматдаги тўловга яроқли пулларга алмаштириб берилади.
  • Қандай ҳолларда пластик карточкадан тўловлар амалга оширишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши керак?

    Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2004 йил 30 апрелда 1344-сон билан давлат рўйхатига олинган «Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2-бандига асосан банк пластик карта эгаси бўлмаган шахс, карта эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

    Мазкур Низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ (рўйхат рақами 1344-2, 2011й. 13 июль), товарлар (иш ва хизмат) учун пластик карточкалар орқали тўловларни қабул қилаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан пластик карточка эгасидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмайди.

    Мазкур низомнинг 24-бандига асосан банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартномада, карта ҳисобварағидаги пул маблағларини, имзо, код, парол ва бошқа воситалардан фойдаланган ҳолда тассарруф этиш ҳуқуқи, айнан ваколатли шахс томонидан берилганлигига ишонч ҳосил қилиш тартиби кўзда тутилган бўлиши керак.

    Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 21 ноябрда 2528-сон билан давлат рўйхатига олинган «Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат» Қоидаларининг 22-бандига асосан тижорат банклари жисмоний шахслар томонидан тижорат банкида жойлашган терминаллар орқали пластик карталардан фойдаланилган ҳолда операциялар (нақд маблағлар ечиш, товар ва хизматларга тўловлар) амалга оширилганда (коммунал ва алоқа хизмати, бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бундан мустасно) мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўришлари белгиланган.
  • Банк томонидан мижоз ҳисобварағидан пул маблағларини ўчириш асослари қандай?
    Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси 783-моддасига асосан, банк ҳисобварақдан пул маблағларини мижознинг топшириғи асосида ўчиради. Мижознинг топшириғисиз ҳисобварақда турган пул маблағларини ўчиришга суднинг қарори билан, шунингдек ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда белгилаб қўйилган ёхуд банк билан мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
  • Ҳисоб-китоб операциялари бўйича юзага келадиган масалалар қандай тартибга солинади?
    “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида”ги Низом (рўйхат рақами 2465, 2013 йил 3 июнь)га мувофиқ, мижоз амалга оширилган ҳисоб-китоб операциялари бўйича юзага келган барча масалалар бўйича унга хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилади. Банк ва мижоз ўртасидаги низолар улар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасига мувофиқ ҳал этилади. Ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда суд орқали ҳал этилади.
  • Миллий валютамиз “сўм” муомалага киритилгунга қадар республикамизда қайси пул бирликлари тўлов воситаси сифатида фойдаланилган
    Ўзбекистон Республикасининг расмий пул бирлиги сифатида 1993 йил 15 ноябрга қадар фақат СССР давлат банкининг 1961-1992 йилларги ҳамда Россия банкининг 1993 йилдаги банкноталари муомалада бўлган. 1993 йилнинг 15 ноябридан 1994 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оралиқ “сўм-купон” миллий пул бирлиги вазифасини бажарган. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 30 декабрдаги “Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 613-сонли қарорига мувофиқ 1994 йил 1 январдан бошлаб собиқ СССР Давлат банкининг 1961-1992 йиллар намунасидаги барча қийматдаги пуллари муомалада бўлиши бутунлай тақиқланди ва ушбу санадан бошлаб “сўм-купон” Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона қонуний тўлов воситаси қилиб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги ПФ-870-сонли Фармонига мувофиқ 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида 1000 “сўм-купон”га бир “сўм” нисбати билан миллий валютамиз “сўм” муомалага киритилган.
  • Мажбурий резервлар нима ва уларнинг қўлланиш тартиби қандай?
    Мажбурий резервлар бу банклар томонидан Марказий банкдаги ҳисобвараққа мажбурий тартибда миллий ва хорижий валютада депозитга ўтказилган пул маблағларидир. Яъни, мажбурий резервлар тижорат банклари томонидан жалб қилинган миллий ва хорижий валютадаги депозит маблағлар ҳисобидан ўрнатилган меъёрлардан келиб чиқиб, Марказий банкдаги махсус ҳисобвараққа ўтказилиши лозим бўлган пул маблағларини англатади. Мажбурий резерв талаблари монетар сиёсат инструментлари туркумига киради ва ушбу инструмент тижорат банкларининг кредит ресурслари хажмига таъсир кўрсатиш орқали пул массасининг ўсиш суръатларини тартибга солиш мақсадида қўлланилади. Ҳозирги кунда, юридик шахсларнинг банклардаги миллий ва хорижий валютадаги депозитлари бўйича табақалаштирилган мажбурий резерв нормалари қўлланилиб, талаб қилиб олингунча ва 1 йилгача бўлган депозитлар учун 15 фоиз, 1 йилдан 3 йилгача бўлган депозитлар учун 12 фоиз, 3 йилдан ортиқ муддатли депозитлар 10,5 фоиз миқдорида ўрнатилган. Бунда, тижорат банклари томонидан аҳолининг бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга янада кенгроқ жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлари резерв шакллантириладиган мажбуриятлар таркибига киритилмайди. Мажбурий резерв талабларининг қўлланиш жараёни “Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисида”ги Низом (рўйхат рақами 2004, 2009 йил 9 сентябрь) билан тартибга солинади.
  • Марказий банк қайта молиялаш ставкаси нима ва у қандай ҳолатларда қўлланилади?
    Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси Марказий банк томонидан олиб борилаётган монетар сиёсатнинг асосий йўналишларидан, инфляция ва иқтисодий ўсиш даражасининг ўзгариши ҳамда пул бозоридаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда белгиланади ҳамда у иқтисодиётдаги фоиз ставкаларининг индикатори бўлиб хизмат қилади.

    Қайта молиялаш ставкаси монетар сиёсат инструментларидан бири бўлиб, у Марказий банкнинг тижорат банклари билан операцияларини амалга оширишда қўлланилади.